“Пахтасаноат илмий маркази” акционерлик жамияти фаолияти тубдан такомиллаштирилади

Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтасаноат илмий маркази” акционерлик жамияти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3559-сонли қарори эълон қилинди.

Ушбу муносабат билан «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси – Ташқи иқтисодий фаолият, экспорт салоҳияти, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари Н.С.Отажонов йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси Департаменти бошлиғи А.В.Рафиков, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари ва “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.И.Максудов қатнашди.

 

Йиғилишда қарорда белгиланган “Пахтасаноат илмий маркази” АЖнинг соҳадаги долзарб илмий масалаларни ҳал этиш, пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлашда илмий-техник ва инновацион фаолиятни амалга ошириш, хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва шу каби бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, жамият Бош директори вазифасини бажарувчи Р.Гуляев томонидан “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг “Йўл харитаси” тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 2018-2020 йилларда республикада пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлашнинг техника ва технологиясини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, “Пахтасаноат илмий маркази” АЖнинг лаборатория-синов базалари модернизация қилинади, уруғлик пахта чигитини тайёрлаш технологияси, пахта хом ашёсини қабул қилишда унинг сифат кўрсаткичларини таъминлаш тизими ва воситалари такомиллаштирилади.